ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН АРАЛАШ МОЛЛАРИ САВДО КОМПЛЕКСИ

Сўровнома

Кенг кўламли ва самарали учрашувлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Остона шаҳрига келди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Остона халқаро аэропортида Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Асқар Мирзахметов ва бошқа расмий кишилар кутиб олди. 

Саммитда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилади. 

Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ШҲТ фаолиятини кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашни кучайтириш масалалари кўриб чиқилади. 

Остона шаҳрида ШҲТнинг Тошкент саммити қарорларини амалга ошириш бўйича Ҳиндистон ва Покистонни ташкилот аъзолигига қабул қилиш жараёни ниҳоясига етказилиши режалаштирилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан учрашувлар ўтказди. 

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф билан учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, ташкилотга раислиги даврида бу масалага алоҳида эътибор қаратди. 

Мамлакатларимиз халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон ва Покистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 50 га яқин ҳужжат имзоланган. Мамлакатимизда Покистон инвестицияси иштирокида 55 корхона фаолият кўрсатмоқда. 

Ўзбекистон Покистонга пахта толаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кўнчилик хомашёси, қора ва рангли металлар, қурилиш материаллари, транспорт ва туризм хизматларини экспорт қилади. Покистон мамлакатимизга дори воситалари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беради, транспорт хизмати кўрсатади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Покистон билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. 

Покистон Бош вазири Навоз Шариф Покистон Ўзбекистон билан барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғанининг учрашувида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон ва Афғонистон халқларининг урф-одат ва анъаналари бир-бирига ўхшаш. Икки давлат ўртасида яқин қўшничилик алоқалари ўрнатилган, турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келинмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётини ривожлантириш позициясида қатъий эканини таъкидлади. 

Мамлакатимиз Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавот, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилади. Қурилиш, энергетика, транспорт ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиб келмоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ҳайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурилган. Мамлакатимиз кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилган. 

Президент Ашраф Ғани Афғонистонда барқарор ҳаётнинг тикланишидаги Ўзбекистоннинг катта ҳиссаси Афғонистонда юксак қадрланишини таъкидлади ва бунинг учун миннатдорлик изҳор этди. 2016 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент саммити доирасида икки мамлакат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувида эришилган келишувларнинг амалга ошишидан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси муносабати билан "Остона опера" Давлат опера ва балет театрида намойиш этилган концертни томоша қилди. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг асосий тадбирлари 9 июнда бўлиб ўтади.